Тошкентдаги Инха Университети янги логистика факультетига 80 талаба қабул қилади

Дата: 22:52, 15-06-2016.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) 2016-2017-ўқув йилида 330 нафар талабани, жумладан 80 нафар талабани янги логистика йўналишига қабул қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) университет матбуот релизига асосланган ҳолда.
“Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулотларни етказиб бериш тизимини бошқариш (SCM), юк ташиш, авиа ва темир йўл транспортини бошқариш тизими (BPR), бизнес жараёнларни бошқариш, ресурсларни режалаштириш ҳамда бошқариш (ERP) ва бошқа профессионал модуллар асосида қурилган”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ушбу йўналиш битирувчилари нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда иш топа оладилар, балки логистика бўйича ўзларининг бизнесларини ҳам юритишлари мумкин.
“Факультетда ўқиш контракт асосида бўлади. Шунингдек, кириш имтиҳони натижаларига кўра 5 нафар энг яхши талабалар биринчи ўқув йилининг биринчи семестри учун ўқиш тўловидан бутунлай ёки эллик фоизга озод этилади. Бундай имтиёзлар биринчи семестрни энг юқори баллар билан тамомлаган дастлабки беш нафар талабаларга ҳам берилади. Шу билан бирга, манфаатдор корхоналар томонидан кейинчалик ишлаб бериш шарти билан талабаларнинг ўқиши учун мақсадли грантлар ажратилиши мумкин”, - деб таъкидланади релизда.  
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Компьютер инжиниринг” ва “Дастурий инжиниринг” йўналишлари бўйича мутахассис тайёрлашни давом эттиради. Ўтган ўқув йилида бўлганидек, бу йил ҳам мазкур йўналишларга 250 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамизки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш имтиҳонлари 29-июл куни ўтказилади. Абитурентлар 14-июл кунига қадар онлайн рўйхатдан ўтишлари лозим.

Янгилик билан ўртоқлашиш: