Тошкентдаги кўргазмада экспозициялар ташкил қилишнинг янги услублари тақдим этилади

Дата: 12:29, 24-10-2014.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – 31 октябрда Тошкентда “Чорраҳа нақшлари” кўргазмаси иш бошлаб, унда кўргазмада экспозициялар ташкил қилишнинг янги услублари тақдим этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир ташкилотчилари Тошкентдаги Гёте-институт ва Ўзбекистон Бадиий академиясидир.

Институтдан хабар қилишларича, кўргазма “Вақт машинаси. XXI аср музейлари” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги музейларни модернизация қилишга бағишланган.

Экспозицияга асос қилиб таниқли рассом Александр Волковнинг асарларидан бири олинган. Маълумки, унинг ижоди Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.

Иш жараёнида ўзбек санъатшунос ва рассомлари томошабин расмнинг маъносини ҳис қилиши учун асар атрофида қўшимча атрибутлар ёрдамида экспозиция яратдилар. Ушбу принцип экспозиция мантиғининг асоси бўлиб хизмат қилди. Бу эса, томошабинга XX аср бошидаги Тошкент муҳитини ҳис қилишга ёрдам беради. Ушбу самарага бадиий экспозиция чегарасини унинг бадиий ифодаси томонига йўналтириш орқали эришилади.

Эслатиб ўтамизки, кўргазма экспозициялар ташкил қилишнинг янги услубларига бағишланган лойиҳа доирасида ташкил этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: