Тошкентдаги халқаро пахта ярмаркасига 2 мингдан зиёд хорижий савдогарлар ташриф буюради
Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – 2 мингдан зиёд хорижий савдогарлар ва харид ширкатлари вакиллари XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасидаги иштирокларини тасдиқладилар. Ушбу тадбир 12-13 октябр кунлари бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ярмарканинг Асосий тадбирлари “Ўзэкспомарказ"да бўлиб ўтади. Конференциялар ҳамда мулоқотларда жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари томонидан Ўзбекистон ва дунёда пахта толаси ишлаб чиқариш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби кўплаб масалалар муҳокама қилиниши ва ўзаро манфаатли шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, пахта ва текстиль маҳсулотлари хариди бўйича қатор келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Жорий йилда тадбир "Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК, “Ўзбекенгилсаноат” АК, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Товар хом-ашё биржаси. “Сифат” маркази ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилмоқда.
“Ярмарка якунлари бўйича хорижга 550 минг тонна пахта толаси сотиш режалаштирилмоқда”, - деб таъкидлашди “Ўзпахтасаноатэкспорт”да.
Ўтган йилда пахта ярмаркаси якунлари бўйича мамлакат 700 минг тонна пахта толаси ва $800 млнлик текстиль маҳсулотлари сотиш бўйича шартномалар тузилган эди.