Тошкентдаги майдон, метро станцияси ва саройга “Халқлар дўстлиги” номи қайтарилди

Дата: 17:03, 04-05-2018.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Тошкентдаги майдон, метро станцияси ва саройга “Халқлар дўстлиги” номи қайтарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон пойтахти ҳокимиятига таянган ҳолда.

Ушбу қарор 3 май куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги ўттиз олтинчи сессиясида тасдиқланди. Шундай қилиб, Тошкентдаги “Истиқлол” саройи, “Бунёдкор” метро станцияси ва шу номли майдонга тарихий “Халқлар дўстлиги” номи қайтарилди.

Бундан ташқари, депутатлар Шайхонтоҳур туманида жойлашган Тошкўча кўчасига, кўчанинг аввалги номи - иккинчи жаҳон уруши даврида уруш ҳудудларидан бўлган 15 ортиқ болани асраб олган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар номини беришни маъқулладилар. Куни кеча бу ерга Шомаҳмудовлар оиласига ёдгорлик ҳам қайта ўрнатилди.

Шунингдек, Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган Янги Байналмилал кўчасига Сеул кўчаси номини бериш юзасидан Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамизки, Тошкентдаги майдон, метро станцияси ва саройга “Халқлар дўстлиги” номи қайтариш бўйича ташаббусни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрелда видеоселектор йиғилишида ўртага ташлаган эди.

Сурат манбаи: http://www.tashkenthotels.ru/tashkent/friendship-of-people.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: