Тошкентдаги оилавий поликлиникалар аҳолининг шошилинч чақирувларини қабул қилиши мумкин
Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Тошкентдаги оилавий поликлиникалар эндиликда аҳолининг шошилинч чақирувларини қабул қилиш учун узлуксиз ишловчи телефон линияларига эга, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевга асосланиб gazeta.uz нашри тарқатди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир оилавий поликлиникаларда аҳолининг шошилинч чақирувларини қабул қилиш учун узлуксиз ишловчи телефон бўлган хоналар ташкил қилиниб, уларнинг рақамлари аҳолига тарқатилади.
Зарур ҳолда бемор оилавий поликлиникага олиб келиниши мумкин. Ушбу мақсадда 4 майда Тошкентдаги 60 оилавий поликлиникалар биттадан Damas автомобили олди. Натижада беморларга хизмат кўрсатиш тезлиги ошади.
Автомобиллар бириктирилган участкалар бўйлаб ҳаракатланади.
Ф.Санаевнинг таъкидлашшича, ушбу автомобиллар оилавий поликлиникаларга президентнинг “Тезкор тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида топширилиши белгиланган 1,2 минг дона транспорт ҳисобидан берилмаган.
Яқин орада Самарканд оилавий поликлиникалари ҳам Damas машиналарини олиши режалаштирилган. Кейинчалик ушбу амалиёт мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам тарқатилади.