Тошкентдаги ОТМнинг декан муовини пора учун қўлга олинди
Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Тошкент давлат аграр университети декан ўринбосари пора олаётган вақтида қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент давлат аграр университети декан ўринбосари Х.А. университетнинг 2-босқич талабаси А.дан уни якуний имтиҳонларга киришига рухсат бериш эвазига 600 минг сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”, - деб хабар беришди Бош прокуратурада.
Бундан ташқари, Х.А. мунтазам равишда дарс соатларини қолдирган 11 нафар талабаларни имтиҳонларга киришларига рухсат бериши эвазига олган жами 4,6 млн. сўм пул маблағларини ихтиёрий равишда тақдим қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Сурат манбаи: http://like.sumy.ua