Тошкентдаги Политехника музейида Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам бўлиб ўтди

Дата: 12:50, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкент политехника музейида Ўзбекистон ҳудудларининг кўп жойларида бўлгани каби Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам дастури ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Музейдан хабар беришларича, ушбу ажойиб байрамда музей жамоасининг вазифаси ҳар бир бола ўзини максимал даражада намоён қила олиши, ўз истеъдодини очиши учун шароитлар яратиш, болаларда табиий ва аниқ фанларга муҳаббат туғдирувчи маҳорат дарслари ўтказишдан иборат бўлди.

Шу сабабли байрам дастури нафақат қувноқ викторина, мусиқий чиқишлар ва совғалардан иборат кўнгилочар дастурдан, балки авиамоделлаштириш, робототехника, кулолчилик бўйича маҳорат дарсларини ўз ичига олди.

“Биз дунёни чизаяпмиз” номли асфальтда чизилган расмлар танлови байрамнинг алоҳида бир қисми бўлди. Унда бошқа болалар билан бир қаторда SOS-шаҳарча тарбияланувчилари ҳам қатнашдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: