Тошкентдаги собиқ Тельман парки реконструкция қилинади

Дата: 17:28, 02-10-2017.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи (собиқ Тельман парки) 2 октябрдан бошлаб реконструкция қилиш учун ёпилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳа турар ва нотурар иншоотларини қурилиш билан шуғулланувчи Jet Invest компаниясига топширилган.

“Бизнинг вазифамиз - парк қиёфасини янгилаш, уни замонавий ва жозибадор қилишдан иборат. Мирзо Улуғбек парки – Тошкентдаги эски боғлардан бўлиб, 1934 йилда очилган. Боғнинг кўп иншоотлари ва ташқи қиёфаси эскириб қолган, айрим бино ва аттракционлар талабларга жавоб бермайди. Шу сабабли биз парк инфраструктура ва инженер тармоқларини янгилаймиз”, - деб таъкидлади компания вакили Зафар Раҳимов.

Реконструкция доирасида биринчи навбатда пиёдалар йўлакларини янгилаш, халқа автойўл орқали янги кириш жойи очиш, паркинг муаммосини ҳал қилиш учун қўшимча автомобиль турар жойи барпо этиш, аттракцион, коммуникация ва биноларни янгилаш режалаштирилмоқда.

“Паркда кексалар махсус ҳудудлар очилади. Шунингдек, спорт билан шуғулланувчилар учун жойлар ташкил этилади. Бу ерда турли кўнгилочар тадбирлар ўтказилади. Паркни пиёда айланиш учун тинч ҳудудлар ҳам сақлаб қолинади”, - деди яна у.

Паркка кириш бепуллигича қолади. Объектни очиш келгуси йилга режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: