Тошкентдаги “Тараққиёт” кўчасининг қурилишини август охирида якунлаш режалаштирилмоқда

Дата: 17:45, 01-07-2016.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – Тошкентдаги “Тараққиёт” кўчасининг қурилишини жорий йилнинг августи охирида якунлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Автомагистрал” ихтисослаштирилган йўл қурилиш таъмирлаш бирлашмаси бош пудратчи корхонаси ёрдамида қурилаётган ушбу 6 тасмалик йўлнинг узунлиги 2,9 км масофани ташкил қилади. М.Улуғбек кўчаси ва Оҳангарон шоссесини боғлаб турувчи мазкур янги йўл фойдаланишга топширилганда, шаҳар кўчаларидаги харакат жадаллиги камайибгина қолмай, Оҳангарон шоссесига тўғридан-тўғри чиқиш имкони пайдо бўлиши ҳисобига ҳаракат иштирокчиларининг вақти ва автомобил ёқилғиси тежалишига ҳам эришилади”, - деб таъкидлашди “Ўзавтойўл” АКда.

Тараққиёт кўчасидаги янги автомобил йўлининг қурилиш жараёнида йўл тўшамаси конструктсиясининг янги усулидан фойдаланилмоқда. Ушбу усул йўл сифатини ошириш баробарида, асфалтабетон қоришмаси сарфини камайтиради ва табиийки, йўл қурилишига кетадиган харажат ҳам сезиларли равишда иқтисод қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: