Тошкентдаги қурилиш кўргазмасида 12 компания итальян технологияларини намойиш қилади
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистоннинг етакчи UzBuild 2016 қурилиш ва интерьерлар кўргазмасида 12 компания итальян технологияларини намойиш қилади. Кўргазма 2 мартда очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ITE Uzbekistan ширкатидан маълум қилишларча, улар Бирлашган Италия стендида ўз маҳсулотларини намойиш қиладилар.
Бу ерда Bernini Impianti, Emmevi Rubinetterie, Ferplast, Gamma Meccanica, Giulini Rubinetterie, Mait, Margaroli, MEM, Mirage, Nicolazzi, Olympia Ceramiche, WTC компаниялари ҳозир бўладилар.
UzBuild меҳмонларига дизайнерлик сантехника буюмлари, кранлар, ванна хоналари учун ва ошхоналар учун юқори тоифадаги сув очқичлар мажмуалари, биноларни қоплаш учун керамик гранит ва ичи пардозлаш керамикаси, изоляция материаллари, полистирол ва пластик материалларни қайта ишлаш учун ускуналар, ғишт ва черепицани куйдириш технологиялари, капитал қурилиш учун бурғулаш қурилмалари тақдим этилади.
Итальян ширкатларининг UzBuildда иштирок этиши яхши натижалар бермоқда. Кўргазмада Italmatic Srl компания Жиззахда мармарни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳани эълон қилишни мўлжалламоқда. Заводнинг қуввати йилига ташқи ва ички безаклашда қўлланиладиган 450 минг кубометр мармар плиткалар ишлаб чиқаришга тенг. Бунинг учун маҳаллий хом ашёдан фойдаланилади.