Тошкентдан Бухорога тезюрар поезд қўйилди

Дата: 11:02, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Кеча, 25 август куни Тошкентдан Бухорога “Afrosiyob” илк тезюрар поезд йўлга чиқди. Энди Бухорогача бўлган масофа олдинги 6-7 соат ўрнига атига 3 соат 20 дақиқада босиб ўтилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон темир йўллари” ДАТЙК маълумотларига кўра, “Самарқанд-Бухоро” темир йўл участкасини реконструкция қилиш, қуриш ва электрлаштириш бўйича ишлар 2015 йил апрелидан бери олиб борилаётган эди. Йўналишдаги йўлнинг узунлиги 259 кмни ташкил этди. Қиймати $400 млнлик лойиҳани амалга ошириш учун 16 ой зарур бўлди.

Лойиҳа доирасида 16,2 млн кубометр ер ишлари амалга оширилди, 146 километрлик “Мароқанд-Навоий” участкасида темир йўл ётқизилди. “Навоий-Бухоро” участкасида темир йўллар реконструкция қилинди.

Янги йўл бўйлаб 222та сунъий иншоот, жумладан, 1та пиёдалар ўтиш йўли, 4та йўл ўтказгич ва 4та кўприк қурилди.

Магистралнинг икки томони бўйлаб 500 километрлик метал панжаралар ўрнатилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, тезюрар поезд юра бошлаганидан кейин темир йўлнинг ўтказиш имконияти 36% ўсади, эксплуатация харажатлари ҳам худди шунчага камаяди.

Эндиликда мамлакатдаги тезюрар линияларнинг узунлиги 700 кмдан зиёдни ташкил қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: