Тошкентга БОМКА дастурининг маслаҳат гуруҳи ташриф буюрди

Дата: 16:28, 07-09-2016.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентга Марказий Осиёда чегараларни бошқариш бўйича ҳамкорлик дастурининг (БОМКА) маслаҳат гуруҳи ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Миссия Латвия Республикаси Озиқ-овқат ветеринар хизмати экспертлари  Кристина Романова ва Сандра Смульколардан ташкил топган. Ташрифдан кўзланган мақсад – фитосанитар, ветеринар, карантин ва санитар-эпидемиологик муассалардаги ҳамкорлар билан учрашиш ва биргаликдаги лойиҳаларнинг турли жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат”, - деб таъкидлашди ЕИ Делегациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида.

Миллий ҳамкорлар билан учрашувларда экспертлар таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва бошқаришдаги миллий  стандартлар ва миллий амалиётларни муҳокама  қилдилар. 

Техник миссия якунлари бўйича экспертлар ўзбек ҳамкорларига таваккалчиликларни янада такомиллаштириш бўйича қатор тавсиялар бердилар.

Эслатиб ўтамизки, БОМКА дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган биринчи тадбирлари 2003 йилда бўлиб ўтган эди.

2003-2014 йилларда дастурни амалга оширишга ЕИ томонидан 33,6 млн евро ва дастурнинг 9-босқичини амалга ошириш учун деярли 5 млн евро ажратилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: