Тошкентлик Сардор Милано қўшиқлар танловидаги ғалабаси ҳақида гапириб берди

Дата: 17:16, 20-04-2015.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – Тошкентлик Сардор Милано SUPER.RUга берган интервьюсида “Бош саҳна” лойиҳасидаги ғалабасидан олган таассуротларини гапириб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу лойиҳа ҳаётимдаги ғаройиб ҳодисалардан бири бўлди. Мен илгари мўжизалар бўлишига ишонмас эдим. Лекин ҳаётда бундай ҳодисалар бўлиб турар экан. Ҳозирда ҳис туйғуларимни ифодалаб беролмайман, лекин мен ишни давом эттиришни истайман. Ғалаба мен куйлаётган йўналишнинг келажаги порлоқлигидан дарак беради ва биз шу томонга ҳаракатда давом этамиз”, - деди лойиҳа ғолиби.

Маълумот ўрнида, 17 апрелда “Россия 1” телеканалининг тўғридан-тўғри эфирида Сардор Милано “Бош саҳна” лойиҳасида мухлислар овозлари орқали ғалаба қозонган эди.

“Бош саҳна” лойиҳаси “Красный квадрат” компаниясининг “Россия 1” телеканалидаги янги лойиҳаси. Истеъдодларни қидиришга қаратилган лойиҳада 16 ёшга етган артистлар, дуэтлар ва вокал гуруҳлари иштирок этишлари мумкин.

Шоу Гарик Мартиросян ва Григорий Лепс томонидан олиб борилади. Жюри орасида Уолтер Афанасьев, Жанна Рождественская, Юрий Антонов ва Сергей Чиграковлар бор. Томоша продюсерлари Константин Меладзе, Виктор Дробыш, Игорь Матвиенко, Максим Фадеев ва Уолтер Афанасьевлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: