Тошкентлик товламачилар қамоқдаги кишини озод қилиш учун $35 минг ундирмоқчи бўлишди

Дата: 14:00, 14-06-2017.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизматининг оператив ходимлари пул эвазига жазо ўташ муассасасидаги маҳбусни озодликка чиқаришга ёрдам беришни таклиф қилаётган товламачиларни қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизимининг расмий хабарига асосланган ҳолда.

“Товламачилар ички ишлар органларида яхши алоқалари борлигини айтган ҳолда, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Жазони ўташ колониясида жазо ўтаётган маҳбус аёлнинг қариндошларига уни шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқаришда ёрдам беришни ваъда қилишган. Бунинг эвазига эса улар $35 минг талаб қилишган. Тезкор ходимлар Республика олимпия захиралари коллежи мураббийи Азамат Бойқулов ва пойтахтдаги “Эдем” тунги клуби қўриқчиси Эркинжон Файзиевларни $20 минг бўнак олаётганида қўлга олишди”, - деб таъкидланади МХХ хабарида.

Бош прокуратура А.Бойқулов ва Э.Файзиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича жиноят иши очди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: