Тошкентнинг 11 туманида 30тадан халқ депутатлари бўлади

Дата: 15:45, 26-12-2017.

Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 24 декабрь куни пойтахтда бўлиб ўтган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловида 279 сайлов округида ғолиблар аниқланди, 51 тасида такрорий овоз бериш ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловини ўтказиш бўйича Ягона матбуот марказида ўтказилган брифингда гапирилди.

Туман Кенгашларида энг кўп ўринни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари олишди. Улардан кейин Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари боришмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 46 нафар фуқаро депутат этиб сайланди.

Сайланганларнинг 65 нафарини хотин-қизлар, 17 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримовнинг таъкидлашича, 24 декабрда 1 млн. 267 минг сайловчилар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди, бу улар умумий сонининг 81,2% ташкил қилди.

Шунингдек, сайловда қонунбузилишлари ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Улар ўрганилиб, ҳар бири бўйича қарор қабул қилинади.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига 11 тумандан 30 тадан халқ депутатлари сайланди. Пойтахтда 330 сайлов округи, 855 сайлов участкаси ташкил этилди. 1,65 минг киши депутатликка номзод сифатида рўйхатдан ўтди.

Эслатиб ўтамизки, олдинроқ овоз беришда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам пойтахт туманларидан бирида қатнашгани ҳақида хабар қилган эдик. 

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2017/12/25/votes/

Янгилик билан ўртоқлашиш: