Тошкентнинг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилади

Дата: 14:01, 21-06-2018.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Тошкентнинг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Тошкент шаҳрининг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳларини (кейинги ўринларда – жамоатчилик гуруҳлари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Қарорга мувофиқ, гуруҳлар таркибига муддатли ҳарбий хизматни ўташ ниятида мудофаа ишлари бўйича туман бўлимига мурожаат қилган ҳарбий хизматга чақирилувчилар, республика олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек, ички ишлар органларининг таълим муассасаларига кириш истагини билдирган номзодлар, ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган номзодлар орасидан шакллантирилиши назарда тутилмоқда.

Сурат манбаи: http://uz.utro.news/latest/god/

Янгилик билан ўртоқлашиш: