Тошкентнинг Чилонзор туманида 38 киши қўшмачиликда гумон қилиниб қўлга олинди
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Тошкентнинг Чилонзор туманида 38 киши қўшмачиликда гумон қилиниб қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Юқоридаги тумандаги вазиятга доир тегишли танқид Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 11 апрелдаги видео-селектор йиғилишида айтиб ўтилган эди. Хусусан, давлат раҳбари Чилонзор тумани ТИИБ бошлиғи, прокурор ва ҳокимини ушбу туманда кўплаб исловотхоналар ва қўшмачилик тармоқлари мавжудлиги учун танқид қилган эди.
Шундан сўнг тумандаги бир неча кафе, тунги клублар ва притонларда кенг кўламли рейдлар ўтказилди.
Чилонзор тумани ТИИБ ходимининг хабар беришича, кейинги уч кунда 58 объектда – тунги клуб, кафе, сауна ва хусусий уйларда текширувлар ўтказилган ва 38 киши қўшмачилик, фоҳишалик билан шуғулланиш ва исловотхоналар юритишда гумон қилиниб қўлга олинган.
Қўлга олинганлар жаримага тортилиб, Сергели тумнидаги тери-таносил диспансерига жўнатилган. Тўрт киши эса ресторан ва дам олиш жойларида исловотхоналар юритишда гумон қилиниб қўлга олинган. Бундан ташқари, баъзи тунги клублар эгалари ўз муассасларига фоҳишаларни киритгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.