Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилади

Дата: 14:09, 03-04-2018.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этилади, Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олинади, Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини берилади ҳамда Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстини ўрнатилади.

Шунингдек, “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказиш, таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш, 2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: https://www.azernews.az/region/125846.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: