Тошкентнинг Сирғали туманида 500 кўпхонадонли уйлар қурилади

Дата: 13:25, 27-09-2016.

Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – 2017-2020 йилларда Тошкентнинг Сирғали туманида 500 кўпхонадонли уйлар қурилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг ушбу туманига ташрифи доирасида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Бу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг янги уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Шуниси эътиборлики, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, ташрифда яна бир муҳим масала – азим пойтахтнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш масаласи муҳокама этилди. Пойтахтда янги транспорт-коммуникация тармоқлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

“Шавкат Мирзиёев яқин келгусида амалга оширилиши мўлжалланган бу лойиҳалар нафақат Сергели туманини, балки бутун Тошкент шаҳрининг имконият ва салоҳиятини янада юксалтириш йўлида катта истиқболлар очиб беришини қайд этди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда масъул вазирлик ва муассасалар раҳбарларининг Тошкентда тартиб ва интизомни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, паспорт-виза режимига қатъий амал қилишга доир ҳисоботлари тингланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: