Тошкентнинг “Яшнобод” технопарки инновацияларни саралаб олади
Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентнинг “Яшнобод” технопарки ушбу технопарк резиденти мақомини олиш учун инновацион ишланмалар танловини ўтказмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси Фан ва Технологиялар Агентлиги маълумотига асосланган ҳолда.
Сўнгги хужжатларга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳудуди шартли равишда инновацион ҳудудга тенглаштирилади ва шаҳар ҳудудида инновацион маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга оширмоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар технопарк резиденти статусини қабул қилиш учун ариза топширишлари мумкин.
Технопарк резидентларига бир қанча имтиёзлар, шу жумладан, 10 йил муддатгача солиқлардан озод бўлиш, йиллик 7% ставка бўйича кредит олиш ва технопарк ҳудудида ишлаб чиқариш майдонларига эга бўлиш каби имтиёзлар берилади.
Бугунги кунда, 3D принтерлар ва кўп функцияли онлайн касса аппаратлари ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича 2 та корхонага резидентлик мақоми берилган.
Янги инновация технопарки ишлатилган буюмлар савдосига ихтисослаштирилган “Янгиобод” бозори ҳудудида жойлашади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тошкент шаҳар хокимиятига икки ойлик муддат давомида Янгиобод ихтисослаштирилган бозорини Бектемир туманига кўчириш шу билан бирга бозор майдонининг ярмини “Яшнобод инновация технопарки дирекцияси” ДУКга бериш вазифаси топширилган.
Шундай қилиб, 7,5 гектарлик майдонда маҳаллий ва халқаро мутахассисларнинг инновацион, республикада ишлаб чиқарилмайдиган юқори қўшимча қийматга эга илмий ишланмаларининг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мақсадида, технопарк резидентларига ер ажратиш мўлжалланмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 5 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги инновация технопарки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарори қабул қилинган эди.