Тоза технологиялар бўйича Латвия бизнес-доиралари делегацияси Ўзбекистонга келди

Дата: 16:49, 20-10-2015.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Яқинда Латвия Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазири Каспарс Герхардс бошчилигидаги тоза технологиялар бўйича Латвия бизнес-доиралари делегацияси Ўзбекистонга келди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар қилмоқда.

“Ташрифдан кўзланган мақсад – иқтисодиётни экологизация қилиш, экологик тоза технологияларни татбиқ этиш, сувларни тозалаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда утилизация соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўзаро фикр, тажриба алмашишдан иборат”, - дейилади қўмита хабарида.

Латвия делегациясининг ташрифи доирасида вазирлик ва идоралар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раҳбар шахслари билан қатор учрашувлар режалаштирилган.

Бундан ташқари, экологик тоза технологиялар соҳасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича амалий семинарни ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: