Тожик чегарачилари “Ғалаба эстафетаси”ни ўзбекистонлик ҳамкасбларига топширдилар

Дата: 16:50, 12-05-2015.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Тожик чегарачилари “Ғалаба эстафетаси”ни ўзбекистонлик ҳамкасбларига топширдилар, деб хабар беради сешанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Бугун 12 майда Тожикистон шимолидаги Сўғд вилояти Матчин тумани “Фотехобод” НЎПда “Ғалаба эстафетаси”ни тожик чегарачиларидан ўзбек чегарачиларига бериш маросими бўлиб ўтди”, - деб хабар беришди агентликка ТР ДМХҚ чегара бош бошқармасида.

Тантанали маросимда Матчин тумани раҳбари Ғайрат Азиззода, уруш ва меҳнат ветеранлари, шунингдек, Тожикистон чегарачилари қатнашдилар. “Ғалаба эстафетаси” Ўзбекистон чегара қўшинлари полковниги Дмитрий Гордеевга Тожикистон чегара қўшинлари полковниги Фируз Абдуразоқов томонидан топширилган.

Эслатиб ўтамизки, “Ғалаба эстафетаси” рамзи ушбу эстафета ўтаётган мамлакатлар ерлари билан тўлдирилган гилзадан иборат.

7 майда эстафета Қирғизистондан Тожикистонга топширилган эди.

“Ғалаба эстафетаси” МДҲнинг ташқи чегаралари бўйлаб ўтади ва Улуғ Ватан урушида Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган. У 2015 йил 2 февралда бирданига икки йўналиш бўйлаб – Брест (Беларусь Республикаси) ва Мурманскда (Россия Федерацияси) бошланди. Қирғизистонга эстафета Қозоғистондан келди.

Ушбу ҳарбий-ватанпарварлик акциясининг ниҳояси 28 майда Москвадаги Поклонная тоғида ўтказилади.

“Ғалаба эстафетаси”нинг асосий мақсади – чегарачиларнинг Улуғ Ватан урушидаги қахрамонликларини абадийлаштиришдан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: