Тожикистон элчиси Ўзбекистондаги дипмиссиясини якунламоқда
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Тожикистон элчиси Ўзбекистондаги дипмиссиясини якунламоқда, деб хабар қилади ўзбек ТИВ матбуот хизмати.
“2016 йил 11 мартда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонда дипломатик миссиясини якунлаётган Тожикистон Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Музаффар Хусейновни қабул қилди”, - дейилади жума куни эълон қилинган хабарда.
Таъкидланишича, учрашувда вазир Тожикистон Элчисининг Ўзбекистондаги беш йиллик фаолияти давомида икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланишига қўшган ҳиссасини қайд этди ҳамда янги тайинлов жойида муваффақият тилади.
“Ўз навбатида, М.Хусейнов Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолияти давомида яратилган қулай шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, Музаффар Хусейнов президент Эмомали Раҳмоннинг қарорига мувофиқ 2011 йил январда Ўзбекистонга элчи этиб тайинланган эди.