Тожикистон президентига “миллат етакчиси” унвони берилади
Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Тожикистонда мамлакат президенти Эмомали Раҳмонга “миллат етакчиси” унвони берилади, деб хабар беради душанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТаджикТА).
“Тожикистонда парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан “Миллат етакчиси – тинчлик ва ҳамжиҳатлик асосчиси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди”, - деб хабар қилишди агентликка мажлиси намояндагонда.
Ҳозирда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга “миллат етакчиси” унвони бериш мақсадида тайёрланган қонун лойиҳаси республика парламенти қуйи палатаси қўмита ва комиссияларида кўриб чиқилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, Марказий Осиёда фақат Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “миллат етакчиси” унвонига эга. Ушбу унвон унга 2010 йилда берилган.