Тожикистон ва Ўзбекистон банклари корреспондентлик ҳисоб рақамлари очиш ҳақида келишув имзоладилар

Дата: 17:43, 04-04-2017.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Тожикистон ва Ўзбекистон банклари ҳамкорликка доир келишув имзоладилар, деб хабар қилади Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА) “Эсхата” тожик тижорат банкига асосланган ҳолда.

“Тошкентда “Эсхата” тожик тижорат банки раиси Хуршед Носиров ва “Асака” акционерлик тижорат банки раисининг биринчи ўринбосари Рустам Қосимовлар корреспондентлик ҳисоб рақамлари очиш тўғрисидаги келишувни имзоладилар”, - дейилади сешанба куни эълон қилинган мақолада.

“Биз ушбу иш қўшни дўстона мамлакат билан савдо-иқтисодий алоқаларимизни яхшилашга имкон беради, мижозларимизга ўзбек ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини бажаришига кўмаклашади, деб умид қиламиз. Шунингдек, энг йирик ўзбек банкларидан бири билан ҳамкорлик қилиш қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, лизинг операцияларини ривожлантиришга ёрдам беради”, - деб таъкидлади Х.Носиров.

“Асака” банки 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистоннинг энг йирик банкларидан биридир.

Тожикистондаги “Эсхата” банки 1994 йилда банк фаолияти юритиш лицензиясини олган бўлиб, кичик ва ўрта бизнес соҳасида молия хизматлари кўрсатади. Банк таркибига бош башқарма, 22 филиал, 298 банк хизматлари кўрсатиш марказлари киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: