Тожикистон ва Ўзбекистон ИИВ раҳбарлари 19 йилда илк маротаба икки муассаса ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар

Дата: 14:38, 29-06-2017.

Тошкент. 29 июн. ЎзТАГ – Тожикистон ички ишлар вазири милиция генерал-лейтенант Рамазон Раҳимзода Ўзбекистон ИИВ раҳбари генерал майор Абдусалом Азизов билан учрашди, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).

“Учрашув чоғида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, трансмиллий уюшган жиноятчилик, террорчилик, экстремизм, ноқонуний наркотик савдосига қарши биргаликда курашиш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди”, - деб хабар қилади Тожикистон ИИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи раҳбари сўнгги бор  Тожикистонга 19 йил олдин ташриф буюрган бўлиб, ўшанда Душанбега собиқ вазир Зокир Алматов келган эди.

Кейинги 20 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон куч тизимлари бирон маротаба ҳам қўшма операциялар ўтказишгани йўқ.

Эслатиб ўтамизки, яқинда Душанбеда МДҲга аъзо давлатлар ички ишлари вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлар жиноятчилик билан кураш бўйича давлатлараро дастурни амалга ошириш, 2019-2023 йилларда жиноятчилик билан кураш бўйича давлатлараро дастур лойиҳасини, оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини муҳокама қилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: