Тожикистон ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари иккитомонлама муносабатларни муҳокама қилдилар
Тошкент. 14 апрел. ЎзТАГ - Тожикистон ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари иккитомонлама муносабатлар истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар қилади пайшанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).
“Куни кеча Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби А.Қахаров билан учрашди”, - деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Учрашув мобайнида иккитомонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди, қатор минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, суҳбат давомида ШҲТга аъзо давлатларнинг янги таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди ҳамда бўлажак ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Тошкент саммитига тайёргарлик жараёни юзасидан фикр алмашилди.


