Тожикистон Ўзбекистонга консерваланган сабзавотлар ва цемент етказиб беради
Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Тожикистон Ўзбекистонга бозорига Исфарадан консерваланган сабзавотлар ва цемент етказиб беради, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожТАГ).
“Тожик ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонга консерва маҳсулотлари етказиб беради. Шунингдек, қўшни республикага цемент ва бошқа тожик маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Бу 11 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтган биринчи тожик-ўзбек бизнес форумининг натижасидир”, - деб хабар беришди ТР Савдо-саноат палатасида.
Хабар қилинишича, Ўзбекистон ва Тожикистон Савдо палаталари раҳбарлари Адҳам Икромов ва Шариф Саид “Тожикистон – Ўзбекистон” бизнес кенгаши ташкил этиш тўғрисида битимни имзолашган.
Шунингдек Сўғд вилояти Исфара шаҳрида жойлашган “Ҳасанов номидаги консерва ишлаб чиқариш заводи” ва “Кварц” Ўзбек компанияси ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кўзда тутувчи шартнома имзоланди.
Бундан ташқари, “Гаюр” МЧЖ ва Ўзбекистоннинг NOVA компанияси ўртасида қурилиш материалларини сотиш бўйича шартнома имзоланди.
“Элегант” ва “Навинтеркомлюкс” (Ўзбекистон) компаниялари базальт технологиялари ва ускуналарини ривожлантириш, базальт толаларидан иссиқхоналар ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзолашди.
Шунингдек, “Кедр” (Тожикистон, Сўғд вилояти, Хўжанд ш.) ва UZRADE (Ўзбекистон) компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Умуман, форум якунлари бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон корхоналари ўртасида 20 дан ортиқ шартнома ва 6 ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Форум ташкилотчилари имзоланган шартномалар суммаси ҳақида хабар беришмади, бироқ қатор ўзбек ОАВ маълумотига кўра, Тошкентдаги илк Тожикистон кўргазмаси якунлари бўйича $20 млнлик шартномалари имзоланган.
ТР Савдо-саноат палатасида тадбир давомида Тожикистоннинг инвестицион имкониятлари тақдимоти ўтказилганлигини ҳам таъкидлашди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказдилар.