Тожикистон Ўзбекистонга тахминан 84% электроэнергия етказиб бермоқда

Дата: 17:02, 24-05-2018.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – Тожикистон Ўзбекистонга тахминан 84% электроэнергия етказиб бермоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

news.tj нашри маълумотларига кўра, жорий йил апрелда Тожикистон деярли 128 млн кВт/с электроэнергия экспорт қилган. Тожикистон Ўзбекистонга электроэнергия экспортидан $2,1 млн маблағ олган.

“2018 йил апрелда “Сангтуда-1” ва “Сангтуда-2” ГЭСларидан Афғонистонга 12 млн кВт/с, Қирғизистонга – 9,9 млн кВт/с ва Ўзбекистонга 106,9 млн кВт/с электроэнергия етказиб берилган”, - дейилади “Тожикистонда мониторинг ва олдиндан хабардор қилиш” ҳисоботида.

Таъкидланишича, ўтган ойда қўшни мамлакатларга экспорт қилинган электроэнергия Тожикистонда умумий ишлаб чиқарилган энергия ҳажмининг қарийб 10%ини ташкил қилган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонга тожик электроэнергиясини етказиб бериш 2018 йил апрел ойи бошида деярли ўн йиллик танаффусдан кейин қайта тикланган эди.

Тожикистондан қўшни давлатга электроэнергиясини экспорт қилиш ҳажми йилига камида 1,5 млрд. КВт / соатни ташкил этиши кутилмоқда. Келишувларга кўра, ёзда Ўзбекистон Тожикистон электроэнергиясини бир кВт соати учун икки АҚШ цент, қиш ойларида эса ҳар киловатига 2,5 центдан тўлайди.

$1 = 7997,95 сўм

 

Сурат манбаи: http://parstoday.com/tg/news/tajikistan-i29967

Янгилик билан ўртоқлашиш: