Тожикистонда илк марта Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади
Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – Март охирида Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркасини ўтказиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Уни ўтказишга доир ташкилий масалалар Ўзбекистон Савдо саноат палатасидаги учрашувда кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ССП маълумотига кўра, муҳокамада Тожикистон ССП раиси Шариф Саид, “ЎзЭкспомарказ” МКК раҳбари Иброҳим Эргашев, кўргазма маркази мутахассислари, Ўзбекистон ССП Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Файзулло Маманов, Ўзбекистон Республикасининг Душанбедаги элчихонаси консули Шерзод Раҳматуллаевлар қатнашганлар.
Тожикистон ССП раиси кўргазма доирасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форумини ташкил қилишни таклиф қилди.
Иккитомонлама иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, импорт-экспорт операциялари ва юк ташишни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Тожик томони кўргазманинг ўтказилиш санаси ва жойини яқин орада аниқлаштиради.