Тожикистонда муқаддас Рамазон ойи 18 июндан бошланиши мумкин

Дата: 12:43, 12-05-2015.

Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Бошланғич маълумотларга кўра, Тожикистонда муқаддас Рамазон ойи 18 июндан бошланиши мумкин, деб хабар қилади Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Бошланғич маълумотларга кўра, Тожикистонда муқаддас Рамазон ойи 18 июндан бошланиши, лекин, ушбу сана ўзгариши ҳам мумкин”, - деб хабар беришди агентликка Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгашида.

Ҳозирда Хўжанд ва Бадахшондаги обсерваториялар ойнинг ҳаракати, шунингдек, қуёшнинг чиқиш ва ботиш вақтларини Тожикистоннинг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда муқаддас Рамазон ойи киришини аниқ белгилаш мақсадларида ўрганмоқдалар.

Шунингдек, юқоридаги кенгаш ва Тожикистон астрофизика институти вакилларидан иборат махсус комиссия 2 ойдан бери ушбу масала устида бош қотирмоқда.

Қирғизистон Диний бошқармаси маълумотларига кўра, Рамазон ойи Тожикистонда тахминан 17-18 июнда бошланади.

Ўтган йилда Тожикистонда Рамазон 28 июнда кириб, ўшанда ҳаво ҳарорати Душанбеда 40 даража иссиқни ташкил қилдган эди.

Рамазон – мусулмон (қамарий) тақвимининг 9-ойи. Ҳисоб-китобларга кўра у ҳар йили (григориан тақвими бўйича) олдинги йилдагига қараганда 10 кун олдин киради. Рамазон покланиш ойи ҳисобланиб, бунда мусулмонлар рўза тутадилар. Рўза давомида эрталабги ибодат пайтидан (тонг) бошлаб қуёш ботгунга қадар ейиш, ичиш, тамаки ҳидини ютиш, шунингдек, жинсий алоқадан тўлиқ вос кечилади. Рамазон ойида мусулмон мамлакатларида ҳаёт тарзи бутунлай ўзгаради ва ҳатто сайёҳлар ҳам бу билан ҳисоблашадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: