Тожикистонда Ўзбек маданияти кунлари очилмоқда

Дата: 16:14, 10-05-2017.

Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Тожикистонда Ўзбек маданияти кунлари очилмоқда, деб хабар беради чоршанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Яқинда Душанбега Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минхожиддин Ҳожиматов бошчилигидаги маданият ва санъат арбоблари делегацияси етиб келди”, - деб хабар қилади Тожикистон маданият вазирлигининг матбуот маркази.

Ўзбек делегацияси таркибида Ғуломжон Ёкубов, Севинч Мўминова, Махмуд Намозов каби артистлар ва “Ўзбекистон” давлат қўшиқ ва рақс ансамбли бор.

Ўзбек маданияти кунлари доирасида концерт дастурлари, ўзбек киноси кунлари ва фотокўргазма ҳам бўлиб ўтади.

Бугун Душанбедаги Тожикистон Миллий кутубхонасида Тожикистон маданият ишлари вазири Шамсиддин Орумбекзода ва ўзбек делегацияси раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Шу куни “Зебуниссо” номли Тожикистон Кинематографчилар уюшмаси Кино уйида Ўзбек киноси кунларининг очилиши ва “Ота” бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтади.

Ўзбек маданияти кунларининг расмий очилиш маросими 10 май соат 17.30да Садриддин Айний номидаги Давлат опера ва балет театрида бўлиб ўтади.

11 майда ўзбек артистлари Қўрғонтепада чиқиш қиладилар.

Тадбирнинг расмий ёпилиш маросими 12 май соат 18да Садриддин Айний номидаги Давлат опера ва балет театрида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: