Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш қайта тикланиши мумкин

Дата: 15:49, 04-11-2016.

Тошкент. 4 ноябр. ЎзТАГ – Душанбе ва Тошкент ўзбек газини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқдалар, деб хабар беради жума куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Тез орада Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш қайта тикланиши мумкин. Ҳозирда бу масалалар бўйича музокаралар бормоқда”, - деб хабар қилди “Озоди” радиоси ТР ҳукумати иқтисодий бўлимидаги манбага асосланган ҳолда.

Аммо “Тожикгаз” давлат компанияси раиси Шавкат Шоимов суҳбат чоғида Ўзбекистондан Тожикистонга газ етказиб беришнинг тикланиши ҳақида унга ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирди.

Шу билан бирга, Турсунзода, Шахринав ва Ҳисор шаҳарлари аҳолиси “Тожикгаз” давлат компанияси мутахассислари бир неча кундан бери бу туманлардан ўтувчи газ қувурларини текшираётганликларини тасдиқладилар.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон узоқ вақт давомида Тожикистонга етказиб берилаётган табиий газ тарифларини ҳар йили ошира борган эди. 2012 йилда унинг миқдори 1 минг куб. м.га $400га етган эди.

Шу билан бирга, Тошкент Тожикистонга газ етказишни тўлиқ тўхтатган. “Ўзтрансгаз” ширкати вакили 2012 йилда Тожикистон шартномага мувофиқ 155 млн куб. м газ ўрнига 132 млн куб. м газ олганлигини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича МДҲда 3-ўринни эгаллайди ва дунёдаги энг йирик газ қазиб олувчи ўн мамлакат сирасига киради. Мамлакат йилига 63-65 млрд куб. м. “зангори олов” қазиб олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: