Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида “Дусти” НЎП терминали ишга тушади

Дата: 15:17, 05-04-2016.

Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Яқин кунларда Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида жойлашган Ҳисор водийсидаги Турсунзода шаҳрида “Дусти” назорат-ўтиш пункти (НЎП) халқаро терминали ишга тушади, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА) сешанба куни.

“Турсунзода шаҳри ҳудудий божхона бошқармасининг “Дусти” НЎП автомобиль терминалини қуриш лойиҳасини амалга ошириш яқин кунларда якунланади”, - деб хабар беради Тожикистон Божхона хизмати.

Эслатиб ўтамизки, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги “Дусти” назорат-ўтиш пунктидаги чегарани кунига юзлаб кишилар ва оғир юк автомобиллари кесиб ўтади. Шу сабабли у кечаю кундуз ишлайди. Лекин ушбу чегара ва божхона НЎП ва унинг ускуналари эскириб кетган эди. Шу сабабли уни модернизация қилиш зарурияти туғилди. Бу иш Осиё тараққиёт банкининг “МОМИҲ 3 йўл коридорини яхшилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Лойиҳани амалга ошириш 2014 йил майда бошланган эди.

“Дусти” Терминали Тожикистон ҳудудидаги халқаро талабларга жавоб берувчи ягона терминал бўлиб, тадбиркорларга божхона текширувларидан қисқа вақт давомида ва бир жойда қўшимча харажатларсиз ўтишга имкон беради. 

Терминал ҳудудида бир неча бинолар мавжуд бўлиб, булар маъмурият, меҳмонхона, товарларни сақлаш омборлари, музлатгичлар, автоустахона, машиналар турар жойи, валюта алмаштириш, тиббиёт пунктларидир. Терминал майдони 5 га.

Биноларда тегишли муассасалар ходимлари, жумладан, Тожикистон фитосанитария, ветеринария, божхона хизматлари, ДАИ, транспорт вазирлиги ходимлари жойлашадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: