Трамп америка компанияларининг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиши учун зарур бўлган асосий омилларни кўрсатиб ўтди

Дата: 12:55, 18-05-2018.

Тошкент. 18 май. ЎзТАГ – АҚШ Президенти Дональд Трамп америка компанияларининг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиши учун зарур бўлган асосий омиллар – ҳисобдорлик ва шаффофлик эканини кўрсатиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугунги оқшомда Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева мезбонлик қилаётган қабул маросимида иштирок этаётганларга ўз саломларимни йўллайман. Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга унинг Оқ уйга амалга оширган тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда мураккаб масалалар ва ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди”, - дейилади Президент Дональд Трампнинг Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаатида.

Мен Американинг минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш учун Президент Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни сармоялашга бўлган сафарбарлиги учун у раҳбарлик қилаётган мамлакатга ҳурматимни изҳор қиламан, - деб давом этди америка етакчиси.

“Президент Мирзиёев мени ишонтириб таъкидладики, Ўзбекистонда катта мақсадларни кўзловчи ислоҳотлар дастури бардавом ва муқаррардир. Мен аминманки, Президентнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратаётган эътибори унинг халқи ҳаётини янада улкан фаровонлик ва барқарорликка етаклайди. Биргаликда биз Ўзбекистонда ҳисобдорлик ва шаффофлик масалаларини янада яхшилай оламиз. Бу эса Америка компанияларининг фаолияти учун замин ҳозирлаб, мамлакатларимиздаги бандликни оширишга ёрдам беради”, - деб таъкидланади мурожаатда.

Мелания ва мен Президент, деб таъкидлади Трамп, Мирзиёев ва Биринчи хоним Зироат Мирзиёевага Америка Қўшма Штатларига қилган унутилмас ташрифлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Аминманки, бу янгиланган ҳамкорлигимиз ва бизнинг икки мамлакат олдидаги янада ёрқин келажакнинг бошланиши холос.

Сурат манбаи: https://lenta.ru/news/2018/03/19/white_house/

Янгилик билан ўртоқлашиш: