Трамп грин-карт дастурини қаттиқ танқид остига олди
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – АҚШ президенти Дональд Трамп грин-карт дастурини қаттиқ танқид остига олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) америка ОАВга асосланган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, лотерея орқали ютиб олинадиган грин-карталар орқали Америкага “унчалик яхши одамлар келмайди”.
Бундан олдинроқ Трамп Нью-Йоркда терактни амалга оширган Сайфулло Соипов АҚШга Ўзбекистондан 2010 йилда, АҚШ Давлат Департаменти томонидан ўтказиладиган грин-карта лотереясини ютиб олиб келганлиги ҳақида айтган эди.
“Агар сиз лотерея тизими ва ушбу лотерея орқали мамлакатимизга кириб келаётган кишиларга эътибор берсангиз… Сизга аёнки, мамлакатлар ўзларининг яхши, энг сара кишиларини бермайдилар”, - деди Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида. Радиобошловчи Хауи Карруга берган бошқа бир интервьюси давомида Трамп АҚШга грин-карта орқали Нью-Йоркда терактни амалга оширган ўша “ҳайвон” лар келишини таъкидлаб ўтди.
Америка президенти яна бир карра АҚШ ушбу дастурга нуқта қўйиш керак, деди. У шунингдек, “занжирли” иммиграцияни ҳам тугатиш вақти келганлигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, бу “DACA” бўйича (Иммигрант болаларга нисбатан кечиктирилган чоралар) дастури бўйича конгресс билан битимнинг бир қисми бўлади. Олдин Трамп ушбу дастурни бекор қилган эди.
Эслатиб ўтамизки, сешанба куни Манхэттеннинг жанубий-ғарбий қисмида юк машинаси велосипед йўлагига чиқиб кетиб, йўлида учраган кишиларни босиб кетди ва кейин мактаб автобусига бориб урилди. Кейин ҳайдовчи кўчага пейнтбол учун пистолет билан чиқди, полиция ходимлари унга қарата ўқ уздилар. Гумондор касалхонага ётқизилди. Ҳозиргача ҳодиса натижасида 8 киши қурбон бўлди ва 10 дан ортиқ киши жароҳатланди. Нью-Йорк мэри Билл Де Блазио воқеани теракт деб атади. Полиция террористни қўлга олди. У 29 ёшли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов бўлиб чиқди.
Diversity Visa дастури конгресс кўрсатмасига кўра 1990 йилдан бери ўтказилади. Ҳар йили 50 минг атрофида иммигрант танлаб олинади. Виза олиш учун маълум маълумотга эга бўлиш, инглиз тилини билиш, давлатга товон бўлмаслик мажбуриятини олиш зарур. Лотереяда қатнашиш учун киши АҚШга ҳар йили 50 мингдан ортиқ иммигрант етказиб берувчи мамлакатлардан биридан бўлмаслиги зарур. Жорий йилда булар Бангладеш, Бразилия, Буюк Британия, Вьетнам, Гаити, Доминикан Республикаси, Ҳиндистон, Канада, Хитой, Колумбия, Жанубий Корея, Мексика, Нигерия, Покистон, Сальвадор, Филиппин, Эквадор ва Ямайкадир.