Трампнинг муҳожирлар бўйича қарори Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли эмас

Дата: 16:17, 02-02-2017.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Трампнинг АҚШга киришни вақтинчалик тўхтатишга доир қарори Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли эмас, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига асосланган ҳолда.

“Америка Қўшма Штатларига сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига бу фармон тегишли эмас, бироқ бунинг учун улар бир вақтнинг ўзида Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Яман ва Сомали фуқаролигига эга бўлмасликлари лозим”, - дейилади элчихона хабарида.

Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқаролари олдинги пайтдаги каби барча тоифадаги визалар олиш учун мурожаат қилишда давом этишлари мумкин.

Бундан ташқари, ўзбекистонликлар ҳамон “Суҳбатсиз визага мурожаат этиш дастури”да иштирок этишлари мумкин. Ушбу дастур муайян визага ариза берувчилар учун консул билан суҳбатдан ўтмасдан визага мурожаат қилишларига имкон беради.

Шунингдек, расмий ҳукумат мақасадлари, белгиланган халқаро ташкилотлар номидан расмий иш юзасидан ёки Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига оид расмий мақсадлар билан боғлиқ сафарлар учун ёки муайян мулозимларга ушбу фармон шартлари тааллуқли эмас.

Олдин хабар берилгани каби, ўтган жума куни Д.Трамп Муриялик муҳожирларни қабул қилишни 120 кунга тўхтатувчи, жойлаштиришни номаълум муддатга таъқиқловчи, аҳолиси мусулмон бўлган (Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман) қатор мамлакатлар фуқароларининг АҚШга киришини 90 кунга тўхтатувчи фармонни имзолади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: