ТСВ делегацияси ЕИ мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашади
Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги (ТСВ) делегацияси Европа Иттифоқи мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу учрашув Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Ўзбекистон-ЕИ Ҳамкорлик қўмитасининг 15- ва Европа Иттифоқи билан иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитанинг 13- йиғилишида иштирок этиш учун 5-8 июн кунлари Белгияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтади. Делегация таркибига Инвестициялар давлат қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, “Узтекстилпром” уюшмаси, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари кирган.
“Ўзбекистон-ЕИ Ҳамкорлик қўмитаси ва Европа Иттифоқи билан иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитасининг йиғилишида иштирок этишдан ташқари Европа Иттифоқи ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ҳам режалаштирилган. Хусусан, ташриф кунларида Фландрия инвестициялар ва савдо агентлиги (FIT), Европа савдо ва саноат палаталари, Валон экспорт ва инвестициялар агентлигининг (АWEХ) Савдо ва саноат бўйича Брюссель корхоналари бирлашмаси уюшмаси (BECI), шунингдек, Европа Парламенти депутатлари вакиллари билан учрашвлар ҳам бўлиб ўтади”, - дейилади ТСВ матбуот хизмати хабарида.
Европа Иттифоқи билан иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмитанинг йиғилишига келсак, у 6 июнга режалаштирилган, Ўзбекистон-ЕИ Ҳамкорлик қўмитасининг 15-йиғилиши эса 7 июнда ўтказилади.
Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-37777.htm