ТСВда ўзбек пахтасининг АҚШнинг товарлар қора рўйхатидан чиқарилишини баҳолашди

Дата: 14:15, 24-09-2018.

Тошкент. 24 сентябр. ЎзТАГ – Ташқи савдо вазирлигида (ТСВ) ўзбек пахтасининг АҚШнинг товарлар қора рўйхатидан чиқарилиши баҳоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“АҚШ Меҳнат вазирлиги болалар меҳнати ҳақида янги ҳисоботни эълон қилди, унда Ўзбекистондаги вазият яхшиланганлиги қайд этилди ҳамда бир вақтнинг ўзида “Болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати” номли қўшимча ҳисоботини чоп этди”, - дейилади Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Вазирликдан маълум қилишларича, ушбу рўйхат саккизинчи марта эълон қилинмоқда. Ўзбек пахтаси унга илк марта 2009 йилда тушган.

АҚШ Меҳант вазирлиги ҳисоботига кўра, ўзбек пахтаси болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган маҳсулотларнинг қора рўйхатидан чиқарилган.

“Ушубу қарор Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрўсига ижобий таъсир қилади ва тўқимачилик соҳасида Gucci, Louis Vuitton, H&M, OGGI, Adidas, Nike ва бошқа етакчи хорижий брендлар билан ҳамкорликка йўл очади”, - дейилади Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, шунингдек, бу ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини ривожланган давлатлар, жумладан, Евроиттифоқ, Шимолий Америка ва Япония бозорларига экспортини ошириш учун янги имкониятлар яратади.

Жорий йилда пахта кампаниясини кузатиш мақсадида Cotton Campaign ташкилоти вакилларининг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрда БМТнинг Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида мамлакатда болалар мажбурий меҳнати муаммосини ҳал қилишга қатъий бел боғлаганлигини маълум қилган эди.

2018 йилда Ўзбекистон пахта теримида мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун қатор чоралар кўрган эди. Хусусан, бу йўналишда мониторинг ишлари кучайтирилган, аҳоли орасида ахборот компанияси ўтказилган, лавозимдаги шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларидан шикоят қилишнинг янги механизмлари йўлга қўйилган, шунингдек, пахта теримчиларига ҳақ тўлаш тарифлари оширилган эди.

Сурат манбаи: из https://scoopempire.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: