Туризмни ривожлантириш қўмитасига яқин 5 йил ичида сайёҳлар сонини камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди
Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига яқин 5 йил ичида сайёҳлар сонини камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу вазифани Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилишга бағишланган видеоселектор йиғилишида қўйди.
“Йиғилишда 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг турист ташриф буюргани айтилди. Бу кўрсаткич сифат жиҳатидан таҳлил қилиниб, қариндошларини кўриш, даволаниш, ўқиш ёки тижорат каби мақсадларда келаётганлар кўпчиликни ташкил этиши таъкидланди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, туризмнинг барча истиқболли йўналишларида сайёҳлар сонини кўпайтириш, туризм хизматлари реал экспортини 5 йил ичида камида икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.
Сурат манбаи: http://pakteahouse.net/2013/10/26/uzbekistan-a-travellers-diary/


