Турк компанияси Ўзбекистонда замонавий логистик комплекс қуради
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Gentes Yapi ve Endustry Tesisleri Ltd Sti турк компанияси Ўзбекистонда замонавий логистик комплекс қуради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Томонларнинг келишувига кўра, бу йирик мева-сабзавот маҳсулотлари терминали бўлади.
Комплекс иши МДҲ мамлакатларига Ўзбекистондан янги ва қайта ишланган озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб беришга қаратилади. Лойиҳа доирасида 125 музлаткич омбори ва 75 сочилувчан маҳсулотларни сақловчи омбор, ортиш ва тушириш ҳудудлари барпо этилади.
Шунингдек, турк ширкати замонавий қадоқлаш ускуналари ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш учун ускуналар ҳам етказиб беради.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилнинг ноябр ойида туркиялик мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюришади.