Турк мутахассислари Ўзбекистон пенсия тизимини ислоҳ қилишга ёрдам берадилар

Дата: 09:22, 28-05-2018.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Туркиялик мутахассислар Ўзбекистон пенсия тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлашлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масала 24 майда Анқарада Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Дилшод Сатторовнинг Туркия ижтимоий ҳимоя раиси Жевдат Жейлан билан учрашувида муҳокама қилинди.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, томонлар ўртасида пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳини тузиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилган.

Учрашув Ўзбекистон делегациясининг Туркияга яширин иқтисодиётнинг давлат бюджети даромад қисмига таъсири масалаларини ўрганиш бўйича махсус семинарда қатнашиш мақсадида ташрифи доирасида уюштирилди. Ташриф ТИКА Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги тарафидан ташкил этилди.

Семинар Анқарадаги Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўқув марказида (OECD) Молия вазирлиги мутахассислари учун уюштирилди. Унда президент девони, Бош прокуратура, Солиқ қўмитасининг масъул ходимлари ҳам қатнашди.

Яширин иқтисодиётнинг оқибатларини ва Туркия тажрибасини батафсил ўрганиш мақсадларида иқтисодий фаолият яширинлашувининг асосий омиллари ва сабаблари, бу иқтисодиётни қўллаётган корхоналарнинг рақобатбардошлик афзалликлари тушунтириб берилди, шунингдек, Туркиянинг яширин иқтисодиёт кўламлари ва унинг оқибатларини баҳолаш тажрибаси мисоллари тақдим қилинди.

Делегациянинг ташрифи доирасида Туркия Молиявий қонунбузарликларни тадқиқ қилиш ташкилотида (МАСАК) ҳам учрашув ўтказилиши режалаштирилган. 2018 йилда Ўзбекистон Молия вазирлигининг 600 атрофида вакили шундай курсларда иштирок этиши режалаштирилган.

Сурат манбаи: http://darakchi.uz/ru/49156

Янгилик билан ўртоқлашиш: