Туркия ДХШ шартларида Тошкент-Самарқанд биринчи пулли автотрассасини қуради

Дата: 12:30, 13-09-2018.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Туркия давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартларида янги намунадаги Тошкент-Самарқанд биринчи пулли автотрассасини қуради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг хабар қилишича, бу ҳақида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовнинг Cengiz-Kolin-Kalyon компаниялари консорциуми вакиллари билан 8 сентябрдаги учрашувида сўз борган. Учрашув ДХШ шартларида Тошкент-Самарқанд биринчи пулли автотрассасини қуриш лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадларида ўтказилган.

Шунингдек, тадбирда лойиҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирок этдилар. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва сув хўжалиги вазирликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар бўйича қўмита, Тошкент шаҳар, Тошкент, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимиятлари, “Йўл-лойиҳа бюроси” МЧЖ вакиллари кейинчалик бизнес-режага киритиладиган фикр ва таклифларини билдирдилар.

Таъкидланишича, Cengiz-Kolin-Kalyon турк консорциуми билан ДХШ шартларида пулли автотрасса қурилиши бўйича инвестицион лойиҳа Туркия президенти Р. Т. Эрдўғоннинг 2018 йил баҳорида Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган.

Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси лойиҳада миллий шерик сифатида иштирок этмоқда.

Шундан кейин маълум қилинишича, турк пудратчиси вакили томонидан лойиҳа Тошкентдан Самарқандгача масофани 2 соатда босиб ўтишга имкон туғдириши таъкидлаб ўтилган.

Учрашув доирасида янги автотрасса лойиҳасини ишлаб чиқишда магистралнинг аҳоли турар жой манзилларидан узоқдан ўтиши, яйлов ва экин майдонлари ҳамда атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсирини имкон қадар камайтириш масалаларини ҳисобга олиш зарурлиги ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этишишича, ҳозирда ишлаб чиқилаётган “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги қонун бундай лойиҳалар учун қонуний асосни таъминлайди. Магистрал лойиҳаси бўйича қурилиш ишларини 2019-2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

Сурат манбаи: из https://www.uznews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: