Туркия президенти Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун муддати 30 кунлик визасиз режимни юқори баҳолади

Дата: 14:00, 08-02-2018.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун муддати 30 кунлик визасиз режимни юқори баҳолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Турк давлати раҳбари бу ҳақида 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотида айтиб ўтди.

“Мулоқотда икки давлат раҳбарлари 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги самарали ташриф кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини мамнуният билан қайд этдилар”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Ушбу тарихий ташриф якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, банк-молия, транспорт, туризм ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Мазкур келишувларни ҳаётга тўлиқ ва ўз муддатида татбиқ этиш, муҳим лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида икки давлат ҳукуматлари ўртасида мунтазам равишда мулоқотлар олиб борилиши ва учрашувлар ўтказилиши юзасидан келишиб олинди.

“Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юксак баҳолаб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон Президенти мазкур қарор олий даражадаги учрашувлар доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси эканини алоҳида қайд этди. Бундай қарор қабул қилиниши савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши ва, энг асосийси, қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, Туркия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари учун кенг йўл очиб беришини таъкидлади.

Мулоқотда халқаро ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

“Давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси делегациясини минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга таклиф этди. Ўз навбатида, Режеп Таййип Эрдўғон ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди”, - деб қайд этилади хабарда.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонга мамлакатимизга давлат ташрифи билан келишни таклиф этди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: http://24post.uz/7772

Янгилик билан ўртоқлашиш: