Туркиялик шифокорлар Фарғона водийси болаларини тиббий кўрикдан ўтказадилар

Дата: 11:32, 16-10-2015.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Туркиялик шифокорлар Фарғона водийси болаларини тиббий кўрикдан ўтказадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жорий йилнинг 16-23 октябр кунлари туркиялик шифокорлар делегацияси томонидан Фарғона вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан келган юз соҳасидаги туғма ва куйишдан кейинги асоратлар, юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган болалар умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Оғир деб топилган беморлар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилади”, - дейилади UzMedInfo маркази ахборот хизматининг республика тиббиёт порталида жойлаштирилган маълумотида.

Ораларида пластик жарроҳлар, анестезиологлар ва бошқа мутахассислар бўлган 17 врачдан иборат делегация Ўзбекистонга 15 октябрда етиб келган.

Мазкур хайрия тадбири Ўзбекистон Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Туркия Республикасининг қатор нуфузли шифохоналари билан ҳамкорликда ташкил этилгани ҳам айтиб ўтилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: