Туркиянинг Demir Group компанияси “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиб, “Эски шаҳар” туристик ҳудудини ташкил қилади

Дата: 18:41, 13-09-2017.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Туркиянинг Demir Group компанияси “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиб, “Эски шаҳар” туристик ҳудудини ташкил қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Kommersant.uz нашри хабарига кўра, бу Давлат инвестиция қўмитаси, Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Туркиянинг Demir Group компанияси ўртасида туризм соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Demir Group камида $33 млнлик инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар ҳамда ўз ҳисобидан ажратилган ва хориждан жалб қилинган сармоя, тижорат банкларининг маблағи ҳисобига “Чорсу” меҳмонхонасини ноль қийматида харид қилади.

“Эски шаҳар” махсус туристик ҳудуди ўз ичига меҳмонхона, савдо-кўнгилочар, соғломлаштириш маркази, ҳунармандлик устахоналари ва дўконларга эга туристик ҳудуд мажмуаларидан иборат бўлади. Лойиҳа концепциясини ўрганиш ва тайёрлаш учун туркиядан экспертлар йўлланади.

Лойиҳани амалга ошириш учун халқаро миқёсдаги меҳмонхоналар тармоғи ва брендига эга ҳамкор жалб этилади. 270 та хонага эга тўрт юлдузли меҳмонхона, дўконлар, спа ҳамда бино атрофида ободонлаштирилган, зарур инфратузилмага эга ҳудуд яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, мажмуага Ўзбекистонда муқобили бўлмаган сув ости ресторанига эга океанариум ва “Формула-парк” киради. Мажмуа ҳудудида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи “КоВорк-марказ”, амфитеатр, 7D кинотеатр, бассейн, фуд-кортлар ҳам қурилади. Мажмуада кўнгилочар хизматларнинг барчаси бўлади. Атров ободонлаштирилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида камида 350та янги иш ўринлари яратилади.

Айни вақтда меҳмонхона ҳудуди 1,9 гектарни ташкил қилади, кенгайтириш жараёнида мажмуа майдонини 4,9 гектарга етказиш кутилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун Demir Group ширкати томонидан Ўзбекистонда InterTourism ҚК МЧЖ корхонаси ташкил этилди.

Янги корхона 2019 йилнинг 31 декабригача лойиҳа эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, материал, қурилиш буюмлари ва жиҳозлар, мебель ва инвентарь учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштириши тўловларидан ташқари) озод этилган.

Шунингдек InterTourism туристик ҳудуд ишга туширилгандан сўнг 7 йил муддатга даромад, мол-мулк, ер, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилма, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Республика ер жамғармасига мажбурий тўлов ҳамда солиқлардан ҳам озод этилади.

“Эски шаҳар” ҳудудида ташкил этиладиган тадбиркорлик объектлари, дўкон ва бошқалар 3 йилга даромад, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилма, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқдан озод этилади.

Эслатиб ўтамизки, “Чорсу” меҳмонхонасини қайта тиклаш ташаббуси Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб, бу ғоя президентнинг Шайхонтоҳур туманига ташрифи доирасида ўртага ташланган эди.

Маълумки, Тошкентнинг “Чорсу” меҳмонхонаси кўп йиллардан буён бўш турибди. Ҳозирги пайтда бино Тошкент ҳокимияти биноларидан фойдаланиш департаменти тасарруфида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: