Турклар Чимён-Чорвоқ курорт ҳудуди учун янги имиж ишлаб чиқадилар

Дата: 15:39, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Туркиянинг Global Architecture Development компанияси Чимён-Чорвоқ тоғ-туристик ҳудудининг янги кўринишини лойиҳалаштириш билан шуғулланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ишчи гуруҳи Туркияда турк компанияси раҳбарияти билан Чимён-Чорвоқ тоғ-туристик зонаси учун бренд, меъморлик ва дизайн ечимларини ишлаб чиқиш, бу ерда тоғ туризмининг истиқболли ривожи, муҳандислик ишларининг ўтказилиши ва кенг кўламли сайёҳлик инфратузилмасининг қурилиши масалаларини муҳокама қилди”, - деб таъкидланади қўмита хабарида.

Турк томони Чимёндаги инфратузилмавий лойиҳалар, ҳудудда меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар марказлар, гольф-клублар, аквапарклар ва парклар қурилишида ҳамкорлик қилишга Туркиядан йирик сармоячиларни жалб қилишга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Teleferik турк компаниясини Чимёнда ноёб арқонли йўлни қуриш учун жалб қилишни режалаштирмоқда. Бунинг учун ноябр охирида Teleferik Holding раҳбарияти мамлакатга Leitner австрия компанияси мутахассислари билан биргаликда ташриф буюради. Мазкур ширкат арқон йўллар ва чанғи трассалари учун дунёдаги етакчи ускуналар ишлаб чиқарувчи саналади.

Ташриф доирасида Ўзбекистонда фуникулерлар қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: