Туркманистон президенти Ашхабодда Ўзбекистон ТИВ раҳбарини қабул қилди

Дата: 11:14, 01-05-2017.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхабодда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“30-апрел куни Ашхобод шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” Мулоқоти иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг олтинчи кенгаши ишидаги иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қабул қилди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, вазир “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти ва бутун туркман халқига йўллаган илиқ салом ва самимий эҳтиром сўзларини етказди”.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

“Қайд этилганидек, икки давлат раҳбариятларининг сиёсий иродаси натижасида бугун давлатлараро алоқалар сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилиб, бу сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-комминикация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан ҳозирда Туркманистон раислик қилаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш имконини берди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 6-7 мартда Ш.Мирзиёев Туркманистонга давлат ташрифи билан борган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: