Туркманистон президенти Тошкентга етиб келди
Тошкент. 8 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7-октябр куни расмий ташриф билан Тошкентга келди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
“Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди”, - дейилади пайшанба куни тарқатилган хабарда.
Қисқа суҳбатдан сўнг Туркманистон делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олгани ҳам таъкидланмоқда.
Шунингдек, Туркманистон президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 8-октябрга мўлжалланганни ҳам айтиб ўтилган.
Аввал маълум қилингани каби, олий даражадаги ўзбек-туркман учрашуви чоғида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Г.Бердимуҳамедов Ўзбекистонга сўнгги бор расмий ташриф билан 2013 йил ноябрда келган, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса Туркманистонга охирги маротаба 2014 йил октябрда борган эди.


