Туркманистон президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарини қабул қилди
Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ - Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳукуматлари раҳбарларининг йиғилишида қатнашиш учун Ашхабодга борган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир маълумот Туркманистон ахборот агентлиги сайтида жойлаштирилган.
Хабарда айтилишича, Бердимуҳамедов ва Азимов туркман-ўзбек муносабатлари истиқболларининг кенг кўламдаги масалалари юзасидан фикр алмашганлар.
“Суҳбат якунида давлат раҳбари ва унинг меҳмони МДҲ саммити доирасидаги ушбу учрашув Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлигини янада оптималлаштириш йўлидаги муҳим босқич, шунингдек, ҳудудий ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкалаш ишига салмоқли ҳисса бўлишига умид билдирдилар”, – дейилади хабарда.